Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ АСОС

Шу йил 4 январдан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.

34 моддадан иборат қонунда, аввало, коррупция билан боғлиқ тушунчалар берилган. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органларидир. Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Қонунда кўрсатиб ўтилган органларнинг коррупцияга қарши курашиш доирасида амалга оширадиган ишлари аниқлаштирилди. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга оширади.

Қонундан келиб чиқиб коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупцияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашади.

Қонундаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланганидир. Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёҳуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Юридик шахслар ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Қисқаси, янги қонун нафақат коррупцияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланиши, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этади. Бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шуҳрат ХОЛМИРЗАЕВ 
вилоят прокуратураси 
бўлим бошлиғи

Манба: “Адолат сари” юридик газетасининг 2-сони, 30.01.2017 йил

20.02.2017

Медиатека

140157, г. Самарканд, пл. Куксарой, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан