Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ЭЪТИРОФ

Амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатга ҳамоҳанг ҳолда жамият ҳаёти ва ислоҳотларда фаоллик кўрсатаётган инсонларни муносиб рағбатлантириб бориш лозим. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик фақатгина хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, балки ватанпарвар, фидойи фуқароларимизнинг ҳам жонбозликлари натижасидир.

Фуқаролар томонидан ўз қонуний бурчини бажариб, осойишталикни таъминлаш, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш, тадбиркорларга янги иш ўринлари яратиш, маҳалла фаолларининг халқни хайрли ишлар учун бириктира олиш, аҳиллик, бирдамлик, меҳр-оқибатни ривожлантириш, фидойилик ва ҳалолликда, ташаббускорликда бошқаларга ибрат бўлиш жамият равнақи учун катта хизмат саналади.

Ана шу хислатларни қадрлаш, кенг тарғиб қилиш мақсадида 2015 йилнинг 26 октябрь куни Бош прокурорнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фаол иштирок этган фуқаролар ва юридик шахсларни рағбатлантириш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинган. Ушбу буйруқ осойишталик, миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксактиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда фаол иштирок этаётган, юрт учун сидқидилдан хайрли ишларни амалга ошираётган фуқаролар, кенг жамоатчилик вакилларини алоҳида эътироф этишни, рағбатлантиришни назарда тутади.

Дарҳақиқат, прокуратура органлари фуқаролар, давлат ва жамият манфаатлари, тадбиркорлар ривожи, фаровон ҳаёт жонкуяри сифатида юрт учун хизмат қилган фуқароларни рағбатлантириб келмоқда.

Яқинда вилоят прокуратураси тамонидан туманларда шу масалага бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари О.Азимов Бош прокурорнинг юқоридаги буйруғининг мазмун-моҳиятини, ундан келиб чиқадиган мақсад ва вазифаларни ҳақида тушунтириб берди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар юрт фидойиларини руҳлантириш, ватанпарварликни тарғиб этишнинг қанчалик муҳимлигини мисоллар билан таъкидлашди. Дарҳақиқат, юртимиз фидойилар юртидир. Бу ўз халқи равнақи учун қалб қўри билан хизмат қилувчи заҳматкашлар ҳам кўп. Уларни рағбатлантириш, эл-юрт олдида эътироф этиш эса жамиятда фаол ва ҳушёр фуқаролар сафи кенгайишига хизмат қилади.

Вилоят прокуратураси органларининг кузатишлари, таҳлиллари натижасида маҳалла раислари - Каттақўрғон шаҳридан Сабоат Негматова, Пастдарғомдан Вафоқул Саидов, Оқдарёдан Ражаббой Жумаев, Иштихон туманидан Шоакбар Товбоев, Самандар Убайдуллаев, Булунғурдан Эгамқул Бобоқулов, Самарқанд туманидан Неъматжон Солеевлар ҳамда тадбиркор ва фермерлардан - Ургут туманидаги «Янгиариқ» агрофирмаси раиси Барно Мамадалиева, Иштихон туман “Асалчи Элдор” фермер хўжалиги раиси Яхшибой Ҳасанов, Булунғур туманидаги “Абдурахмон доктор” фермер хўжалиги раҳбари Мамарасул Якубовлар рағбатлантиришга лойиқ топилди.

Энг муҳими, улар раислик қилган маҳаллаларда охирги йилларда бирор марта жиноят, кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмаган. Аҳиллик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкам. Қаровсиз ерларда боғлар яратилаяпти, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ишга туширилиб, фуқаролар иш билан таъминланмоқда. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини никоҳ тўйлари ўтказилаяпти. Яраштириш комиссияларининг самарали ишлаши натижасида нотинч оилалар яраштирилмоқда.

Ҳашарлар уюштирилиб, йўллар, кам таъминланган оилаларнинг уйлари таъмирланаяпти, маҳалла ободонлаштирилмоқда, минглаб кўчатлар экилмоқда. Тозаликка алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жисмоний тарбия ва спорт ривожланиши учун барча шароитлар яратилган.

Миллий қадриятлар, инсоний фазилатларни ёшлар онгига сингдириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ватанга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қонунларни ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида турли тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари мунтазам йўлга қўйилган.

Фермер хўжалиги раислари ҳам юқори ҳосилдорликка эришиб, ғалла ва пахта шартномаларни йилма-йил бажариб бошқаларга ибрат бўлмоқда. Улар турли хайрия тадбирларида фаол қатнашиб келади.

Бу фидоий инсонларнинг ҳар бири вилоят прокурорининг ташаккурномаси билан тақдирланишди. Уларнинг ютуқлари батафсил эътироф этилиб, раҳматлар айтилди. Шунингдек, бу тадбир анъана тарзида давом эттирилиши, бундан кейин ҳам юрт фидоийларининг хизматлари эътиборсиз қолмаслиги айтиб ўтилди.

Раҳим ҲАКИМОВ 
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: “Адолат сари” юридик газетасининг 6-сони, 30.03.2017 йил 

03.04.2017

Медиатека

140157, г. Самарканд, пл. Куксарой, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан