Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Истиқлол йилларида юртимизда эришилган ютуқлар салмоқли бўлди. Бироқ, ҳозирги глобаллашув шароитида жаҳонда рўй бераётган ўзгариш ва жараёнлар, айниқса, барча соҳаларда рақобатнинг кучайиб бориши янада барқарор тараққиётни таъминлашни талаб этмоқда. Мана шу талаб янгича ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш зарурлигини юзага келтирди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Унда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, одамларга қулай иш шароитлари яратишга алоҳида аҳамият қаратилган бўлиб, бу давлатимиз учун ижтимоий соҳанинг нечоғлик муҳим ўринга эгалигини кўрсатади. Стратегияда ижтимоий йўналишда белгиланган бош мақсад, авваламбор, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич оширишга қаратилган. Бунда бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақаларни ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли банд­лигини таъминлаш режаси ишлаб чиқилди.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришда инфратузилма масаласи бирламчи саналади. Шу боис, мамлакатимизда йўллар қурилиши, транспорт воситалари билан таъминлаш, чекка ҳудудларда транспорт хизматларини янада яхшилаш асосий эътиборда. Бу йил ҳисобидан мамлакатнинг турли шаҳар ва туманларида 303 та янги маршрутнинг ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Яна бир янгилик, 2017 йилнинг биринчи чорагида темир йўл соҳасида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Talgo-250" русумли йўловчи поездини сотиб олиш, темир йўл линияларини қуриш, таъмирлаш, электрлаштириш ҳамда вагонлар таркибини янгилаш каби 6 та лойиҳа доирасида 107,7 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди. Шунингдек, стратегияда электр энергияси ва газ таъминоти масаласида янги қувватларни ишга тушириш ва бу соҳа билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Яна бир йўналиш — чиқиндилар масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда мамлакат миқёсида 60 фоиз чиқиндини олиб чиқиб ташлаш йўлга қўйилган. 5 йиллик дастур асосида бу кўрсаткич 100 фоизга кўтарилади. Ҳаракатлар стратегиясидан ўрин олган арзон уй-жойлар қуриш бўйича қишлоқ жойларида 3 турдаги лойиҳалар ишлаб чиқилган. Яъни 2 қаватли 4 йўлакли уйлар, 1 қаватли ер участкаси 2 сотих бўлган уйлар ва 2 қаватли 4 сотихли уйлар. Шаҳарларда эса 5, 7 ва 9 қаватли уйлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Келгуси беш йилда қишлоқ жойларда 85 минг­дан ортиқ уй-жой қурилиши режалаштирилган. Биргина 2017 йилнинг ўзида 15 мингдан ортиқ уй-жой қуриш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси аҳолини арзон, ҳамёнбоп уй-жойлар билан таъминлаш мақсадини кўзлаган. Бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг янги тизим бўйича қурилган уйларни бемалол харид қилишга ва 15 йил давомида кредит тўловини тўлашга қурби етади. Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар учун ажратиладиган арзон уйларнинг бошланғич тўлови 15 фоиз этиб белгилангани ва 5 йил муддатда имтиёзли кредит маблағларининг тўланиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этади.

Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими такомиллаштирилади. Бу соҳада биринчи бўғин — тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ислоҳ қилинади. Мамлакат миқёсида ихтисослаштирилган ва юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатиш учун янги тузилмалар, замонавий клиникалар ташкил этилади. Чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Жорий йилнинг ўтган даврида 555 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди ва жойларга етказилди. Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан тез тиббий ёрдам машиналаридаги рация орқали алоқани такомиллаштириш, улар билан доимий алоқа ўрнатиб, чақирилган жойга янада тезроқ етиб бориши учун имкониятлар яратилмоқда. Пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ва бошқа эҳтиёжманд тоифаларнинг тўлақонли ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилади. Буларнинг барчаси халқимизнинг соғ­лиғини муносиб муҳофаза қилиш ва сифатли тиббий хизматни ташкил этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида болалар қамрови 26 фоиз бўлса, дастурни тўлақонли амалга ошириш натижасида 50 та янги мактабгача таълим муассасаси биноси қурилиши, 2 минг 200 та МТМ қайта таъмирдан чиқарилиши белгиланган. Натижада мактабгача таълим тизимида болалар қамрови 48 фоизга етиши қайд этилган. Шунинг­дек, хусусий МТМларга эҳтиёж борлиги, уларга кенг имкониятлар яратилиши ҳам асосий вазифалар сирасига киритилган. Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқиб, 2017 йилда 300 дан ортиқ мактабни қайта таъмирдан чиқариш мақсад қилинди.

Давлат статистика қўмитаси томонидан берилган маълумотга кўра, 2017 йилнинг 1 январида мамлакатимизда аҳоли сони 32 млн. 121,1 минг кишини ташкил этган. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16 млн. 238,5 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 15882,6 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4 фоиз) ташкил этди. 2016 йил давомида мамлакат аҳолиси сони 545,8 минг кишига ёки 1,7 фоизга кўпайган. Ўтган йил давомида Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи аҳолининг сони 3 млн. 583,9 минг кишига етиб, республика ялпи аҳолисининг 11,2 фоизини ташкил этган.

Иқтидорли ёшлар мамлакатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминловчи муҳим куч ва миллат зийнатидир. Жумладан, олий таълим муассасаларига қабул квоталари босқичма-босқич кўпайтириб борилади. Илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида олий ўқув юрт­лари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технологиялар марказлари ва технопарклар ташкил этилади. Хуллас, мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришни кўзда тутувчи ушбу тарихий ҳужжат бешта устувор йўналишни ўз ичига олади.

Жавлон САНАЕВ, 
Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 25-сони, 22.06.2017 йил 

23.06.2017

Медиатека

140157, г. Самарканд, пл. Куксарой, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан