Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ПРОФИЛАКТИКА КУНИ ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ЖУДА МУҲИМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни этиб белгиланди. Белгиланган вазифалар ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси органларининг 130 нафар ходими ҳудудларда аҳоли ўртасида, шунингдек, қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари, лицей, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, корхона, ташкилот ва муассасаларда фуқаролар билан тарғибот тадбирлари ўтказмоқда. Тадбирларда имом-хатиблар, “Нуроний” жамғармаси, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, ички ишлар органларининг профилактика нозирлари, жойлардаги маҳалла посбонлари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш, бандликка кўмаклашувчи, коммунал хизмат кўрсатувчи идораларнинг масъул ходимлари ҳам иштирок этишмоқда.

Ўтказилган кенг қамровли профилактика тадбирларида аҳолига жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиши билан бирга, мавжуд ижтимоий муаммолар, аҳолини бандлигини таъминлаш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, туман прокурорлари ва туман ИИБ бошлиқлари навбати билан ҳар ҳафта вилоят телерадиокомпаниясининг студиясида очиқ мулоқот тарзида ҳудудларидаги вазият ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар хусусида маълумотлар бериб боришмоқда.

Содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят аҳоли ўртасида муҳокама қилинмоқда. Хусусан, профилактика ҳисобида турган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар, таълим муассасаларида давомат тадбирлари ўтказилмоқда. Маҳаллаларда оилалардаги муҳит ўрганилди. Паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш қоидалари бузилган ҳолатлар аниқланганда тегишли тартибда чоралар кўрилди. Шунингдек, жиноят содир этиб суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги ҳамда экстремистик оқимларга мойил бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, жиноят учун жазо муқаррарлиги тушунтирилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинларида масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқотларда мурожаатларни ҳеч қандай тўсиқларсиз кўриб чиқиш, мавжуд муаммо ва ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатиш бош мақсадга айланди. Ҳудудда содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар, аниқланган ноқонуний ҳаракатлар суҳбатлар жараёнида муҳокама қилиниб, биргаликда ечимлари изланди. Ўтказилаётган тадбирларда катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар қандай жиноятнинг келиб чиқиши сабаб ва омиллари кенг жамоатчилик ўртасида ҳуқуқбузарлар иштирокида муҳокама қилинаётгани жиноятчиликнинг олдини олишда яхши самара бермоқда. Шунингдек, юзага келган жиноятларни тезда фош этишга ҳам эришилмоқда.

Масалан, оқдарёлик фуқаро Г.Бобоёрова С.Донабоевдан унинг қизини Сиёб тиббиёт коллежига ўқишга киритиш учун 500 АҚШ доллар олганлиги аниқланди. Пастдарғом туманида яшовчи И.Файзуллаев ва И.Раҳимова ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаролар Н.Ҳотамова ҳамда О.Муродовадан уларнинг қизларини тиббиёт коллежига ўқишга киритишни ваъда қилиб, ҳар биридан 500 АҚШ доллардан пул олишган. Пахтачилик Г.Ажабов, Самарқанд шаҳрида яшовчи А.Сайдуллаев ва Н.Бекниёзовлар ҳам шу каби фирибгарликни содир этганлиги аниқланиб, уларнинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилди.

Айтиб ўтиш жоизки, бу борадаги тадбирларда прокуратура раҳбарияти ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқда. Самарқанд туманида бўлиб ўтган тадбирда туман прокуратурасининг жорий йилнинг ўтган даврида туманда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш борасидаги фаолияти таҳлил этилди ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганларни, ишсиз фуқаролар ва коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар кенг муҳокама этилди.

Ҳушёрлик, огоҳликка даъват ишимиз мезонига айланиб улгурди, десак янглишмаймиз. Яқинда Самарқанд шаҳридаги «Саид» маҳалласида профилактика куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 170 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудга бириктирилган профилактика инспектори ҳамда фаолларнинг саъй-ҳаракати билан маҳаллада ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган даврида умуман ҳу­қуқбузар­ликлар содир этилмаган. Йил бошидан бугунга қадар узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган 70 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг барчаси тиббий кў­рикка жалб қилинди. Фуқаролар ва айниқса, ёшлар иштирокида «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика қилиш омиллари», «Огоҳлик — давр талаби» мавзуларида тизимли тарғибот тадбирлари ўт­казиб келинмоқда.

Маҳалланинг осойишталиги фуқароларнинг огоҳ­лиги ва ҳушёрлигига боғлиқ. Шу боис, биз ҳам аҳоли билан мулоқотимиз давомида уларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий муносабатлардаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз. Маҳаллаларда шаклланган соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаб қолиш мақсадида тарғибот гуруҳи, фаол фуқаролардан таркиб топган навбатчилик гуруҳлари ҳам ташкил этилган.

Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ўтган икки йил давомида бу маҳаллада вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, ўз жонига қасд қилиш, қизларни эрта турмушга узатиш ҳамда оилавий ажрим ҳо­латлари кузатилмаган.

Бу каби тадбирлар чекка манзилларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Ургут туманидаги 34-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда тумандаги Жўраптепа, Жозмон, Бешкапа маҳаллалари фаоллари ва вакиллари таклиф этилди. Тадбирда иштирок этган туман прокурори ва бошқа мутассадилар жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар мурожаати билан тизимли шуғулланиш, фуқароларнинг бандлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одам савдоси, гиёҳвандликка қарши курашиш, фарзанд тарбияси, ўқувчилар давомати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳақида тушунтиришлар беришди. Маҳаллалар жамоалари, фаоллари олдида турган бугунги вазифаларни белгилаб бериб, диний экстремизмга қарши курашиш, тинчлик-осойишталикни сақлаш барчанинг вазифаси эканлигини уқтиришди.

Шермат ЖУМАЕВ, 
Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 21-сони, 25.05.2017 йил

26.05.2017

Медиатека

140157, г. Самарканд, пл. Куксарой, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан