Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ТЎЛОВ ИНТИЗОМИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан, Бош прокуратурага энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси, Бюронинг шаҳар бош­қармаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда пойтахтда турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Жумладан, Бюронинг Тошкент шаҳар бош­қармаси ва туман бўлимлари иш юритувидаги 9 трлн. 630 млрд. 920,1 млн. сўмлик 714131 та ижро ҳужжатидан 7 трлн. 229 млрд. 277,1 млн. сўмлик 375733 тасининг ижроси таъминланиб, шундан 2 трлн. 153 млрд. 213,7 млн. сўми амалда ундирилди. Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, 316619 нафар истеъмолчининг турар ва нотурар жой фонди хатловдан ўтказилиб, истеъмол қилинган табиий газ бўйича ҳисоблагич мавжуд хонадонлардан 9997 тасига, электр энергияси бўйича ҳисоблагич мавжуд хонадонлардан 13064 тасига там­ғалар ўрнатилди.

Тошкент шаҳри бўйича электр энергияси ва табиий газдан фойдаланганлик учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги натижасида юзага келган 569 млрд. 556,1 млн. сўмлик қарздорликни бартараф этиш юзасидан 140 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахсга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар берилди. 1796 та юридик шахсларнинг электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорлигини камайтириш юзасидан 409 млрд. 318,6 млн. сўмлик инкассо топшириқномалари юридик шахсларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига юборилди.

Электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини амалга ошириш мақсадида шаҳар прокуратураси органлари, Бюронинг ҳудудий бўлимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирлар давомида ҳисоб-китоб­ларни ўз вақтида амалга оширмаган, ноқонуний равишда тармоққа уланиб, энергия ресурсларини талон-торож қилган 3200 га яқин юридик ва жисмоний шахслар электр энергияси ва табиий газ тармоғидан узилди. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузган 108 нафар истеъмолчига 149,2 млн. сўм, электр энергияси бўйича 118 нафар истеъмолчига 296,3 млн. сўм маъмурий жарималар қўлланилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар прокуратураси органлари, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туман бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилаётган хатлов жараёнида жами 336 та ҳолатда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Айб­дор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши таъминланди. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 3,1 млрд. сўмлик зарардан 2,6 млрд. сўми ундирилиши таъминланди.

2017 йилнинг июль-сентябрь ойларида ўтказилган тадбирлар давомида жами 63 та, шу жумладан, энергия ресурс­ларини талон-торож қи­лиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддасига асосан 8 та жиноят иши қўзғатилди. 5 та ҳолатда етказилган зарар қопланганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Масалан, Олмазор туманида жойлашган "Ёшлик аъло коммунал" МЧЖ директори Х.Хусанов томонидан жамиятга қарашли 4 та чиқинди йиғиш шохобчалари туман электр таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан, умумий фойдаланишда бўлган электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келиши натижасида давлатга 18 млн. 254 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди. Терговга қадар текширув давомида МЧЖ томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланиши таъминланган.

Олмазор тумани, “Ислом ота” кўчаси 4-уйда яшовчи С.Собирова "Leila Sarmoya" оилавий корхонаси раҳбари Д.Джалилова билан ўзаро келишиб, хонадон фойдаланишида бўл­ган умумий газ тармоғига ноқонуний равишда уланиб, "Тошкентшаҳаргаз" филиали билан шартнома тузмасдан, 17 ой муддатда давлатга 208 млн. 190 минг сўм зарар етказганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан ЖК­нинг 1852-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, "Учтепатумангаз" фойдаланиш хизмати томонидан аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳақидаги маълумотлар "Биллингаз" дас­турига тўғри киритилиши ўрганилганда, 2017 йил 26 сентябрь ҳолатига 63 та хонадон бўйича 143 млн. 541 минг сўмлик табиий газ асоссиз равишда дас­турга киритилиб, аҳолига нореал қарздорлик ёзилганлиги аниқланди ҳамда "Учтепатумангаз" фойдаланиш хизмати мансабдор шахс­ларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Мухтасар қилиб айтганда, қонун ҳужжатлари устидан назорат, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқ­бузарликларга қар­ши курашиш эса тараққиётнинг муҳим омили бўлибгина қолмай, ҳаётимизнинг янада фаровонлашувига ҳам хизмат қилади. Зеро, тежамкорлик асосида иш юритиш, энергия русурсларидан оқи­лона фойдаланиш, тўпланиб қолган қарздорликни бартараф қилиш бугунги куннинг асосий вазифасига айланди. Бу борада мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқи­лона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш маданиятини фуқаролар онгига сингдириш ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қи­лиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакл­лантириш соҳа ходимларидан ўзига хос масъулиятни талаб этади.

Ёрқин Абдуллаев, 
Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 51, 21.12.2017 йил

21.12.2017

100115, г. Ташкент, улица Чиланзар, 6.

Прокуратура Республики Узбекистан