Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ҚОНУНИЙ ҲИМОЯДА

Инсон ҳуқуқлари тизимида бола ҳуқуқлари ўзига хос тарих ва халқаро-ҳуқуқий тараққиёт йўлини босиб ўтган муҳим соҳа бўлиб, инсон ҳуқуқлари концепциясининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Шу боисдан, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ баркамол шахсни шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, миллий маданият ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодий қобилияти ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш баробарида ҳуқуқ ва манфаатларини тўла рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратди.

Амалга оширилган ҳаётбахш ўзгаришлар, эришилаётган муваффақиятларда жамиятимизни ривожлантириш ва ислоҳ этишнинг, давлат бошқаруви ва тараққиётининг ҳуқуқий асосини белгилаб берган Ўзбекистон Конституциясининг аҳамияти беқиёс. Конституциямизда фуқаролар, хусусан, ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш энг асосий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилди. Жумладан, унинг 45-моддасида вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланган бўлса, 64-моддаси билан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналари васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятини рағбатлантириши белгиланган. Бундан ташқари, Асосий қонунимизнинг 65-моддасида фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенг­лиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қайд этилган.

Бинобарин, Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари муҳофазаси ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш, айниқса турли сабабларга кўра алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида такомиллашиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ин­­сон ҳуқуқларига оид БМТ­нинг 6 та асосий шартномаси ва 70 дан ортиқ универсал ва минтақавий халқаро шартномаларни тан олди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги конвенцияга қўшилиши эса бола ҳуқуқларига оид давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларни белгилашга ҳамда бола ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг самарали механизмини ишлаб чиқишга хизмат қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид ўта муҳим ҳужжатлардан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиё­сий ҳуқуқлар тўғрисидаги хал­қаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳу­қуқлари тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги хал­қаро конвенция, Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шакл­ларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция ва бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган нормаларга ҳам таянади.

Шунингдек, Ўзбекистон ЮНЕСКО ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан қабул қилинган асосий конвенцияларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан, 2008 йилнинг 4 апрелида "Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги, 2008 йил 8 апрелида эса "Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция­ни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги Қонунлар қабул қилинди.

Айтиш жоизки, бу қонун ҳуж­жатлари мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолати билан боғлиқ миллий қонунчилигимизнинг янада такомиллашишига хизмат қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги "Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун болалар шаҳарчалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2008 йил 17 октябрдаги "Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорлари, шу­нинг­дек, бошқа бу борадаги қатор ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаш жоиз.

Ушбу қонун ҳужжатларида барча ёшдаги болалар саломатлигини ҳимоялаш, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мазкур муассасаларда ишлаётган ходимларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бола ҳуқуқларига доир хал­қаро ва миллий ҳужжатларни ўзига сингдирган "Бола ҳу­қуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги ва "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунларининг қа­бул қилиниши бола ҳуқуқ­лари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мус­таҳкамлади.

Бугун мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган амалий ишлар ва соҳада биз эришган ютуқлар қатор хорижий давлатлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани ҳам сир эмас.

Шу билан бир қаторда, давлатимиз томонидан ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштиришга, айниқса болалар спортини ривожлантиришга, нуфузли турли йирик мусобақаларни ташкиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Спорт нафақат ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ва жисмоний етуклиги гарови, айни пайтда ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишнинг самарали воситасидир.

Хулоса қилиб айтганда, бола ҳуқуқлари, манфаатлари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий шароитини янада яхшилаш, ҳар томонлама баркамол авлод сифатида келажагимизнинг ҳал қилувчи кучига айланиши учун ўзига хос миллий ҳуқуқий тизим шаклланганлигини кў­риш мумкин.

Хабибулла МИРСОАТОВ, 
Юнусобод туман прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 50, 14.12.2017 йил

14.12.2017

100115, г. Ташкент, улица Чиланзар, 6.

Прокуратура Республики Узбекистан