Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

МУРОЖААТЛАРГА ЭЪТИБОР ЯНАДА КУЧАЙМОҚДА

Тарихга назар солсак, ҳар бир инсон ўз эрки, шаъни, қадр-қиммати учун курашганлиги, демократик давлат қуриш ҳар бир халқнинг азалий орзуси бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан очиқ мулоқот институти одамлар билан фаол ҳамкорлик олиб бориш, мурожаатларни ҳал қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топишда ғоят самарали восита бўлмоқда.

2017-2021 йилларда Ўз­бекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, халқ билан очиқ мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашни такомиллаштириш фаолияти янги босқичга кўтарилди. Бундай ёндашув, ўз навбатида, давлат органларининг мурожаатларни кўриб чиқиш мажбуриятини сўзсиз бажариш, мурожаатларни бериш тартибига қатъий риоя қилиш, соҳавий амалиётни бугунги кун талабларига мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Президентимиз фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг бош мақсадига тўхталиб: “фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал қилишни таъминлашдир”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Ўзбекистоннинг муқаддас тупроғида яшаб турган ҳар бир инсон бугунги кунда давлат органларининг халқ билан мулоқоти ҳаётимизга ижобий таъсир этаётганини ҳис этмоқда, унга асос қилиб олинган инсонпарварлик тамойили кундалик ҳаётда рўёбга чиқаётганлигини кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, барча давлат органларида мурожаатларни ўз вақтида қабул қилиш ва ижрога қаратиш фаолиятини ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш чоралари амалга оширилди. Шу сабабли ҳозирги кунда мурожаатларни ўз вақ­тида, тезкорлик билан қабул қилиш ва ижрочиларга етказиш, шунингдек, белгиланган муддатларда қонуний кўриб чиқишни таъминлаш бирмунча осон кечмоқда.

Зотан, фуқаронинг мурожаат этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахс давлат ор­ганига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аввало, қонун давлат органига ихтиёрий ва эркин мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Мурожаатларни кўриб чиқиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш давлат ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликка хизмат қилади. Бу жиҳатлар Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан амалга оширилаётган ишларда ҳам ўз аксини топмоқда. Пойтахт прокуратураси органларига жорий йилнинг ўтган саккиз ойида жами 52 888 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 29 989 таси ёки 56,7 фоизи бевосита прокуратурада ҳал қилинди. Мурожаатларнинг 3036 таси қаноатлантирилиши натижасида 2459 нафар жисмоний ва юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокуратура органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қи­лишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзи­да 16170 нафар шахс қабул қилинганлиги шундан далолат беради.

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, жамиятимизда фуқаро ва ташкилотларнинг ариза, таклиф ва шикоятлари жойларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қай даражада амалга оширилаётганлигини баҳоловчи асосий мезонлардан бири, деб тан олинди. Бош­қача қилиб айт­ганда, мурожаатлар жамиятнинг кўзгуси ҳисобланади.

2017 йил 11 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан ҳуқуқий тафаккуримизга замонавий янги ҳуқуқ институтлар, демократик қадриятлар ва атамалар кириб келди: “элек­трон мурожаат”, “такрорий мурожаат”, “оммавий қа­бул”, “видеоконференц­алоқа”, “мурожаатлар бўйича иш юритиш”, “мурожаат этувчини эшитиш”, “мурожаатга жавобни тушунтириш ва тугатиш”, “мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш”, “мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қа­рорнинг ижросини назорат қилиш”, “мурожаатни кўриб чи­қишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш” шулар жумласидандир.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун билан кафолатланган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи­нинг рўёбга чиқарилиши давлат идораларининг тўғри ишлашига ёрдам беради. Эндиликда уларнинг фаолиятидаги асосий масалалардан бири мурожаатларни кўриб чиқиш учун масъул бўлган кадрларни танлаш, тайинлаш ҳамда улар фаолияти устидан назорат самарадорлигини кучайтиришдан иборат бўлади.

Давлат бошқарувини янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш ва юксак интеллектуал салоҳиятли жамиятни шакл­лантириш изчил давом этаётган бир шароитда мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини белгиловчи қонун нормаларининг долзарблиги янада ошмоқда.

Қонунда мурожаат этувчиларни қабул қилиш масаласига доир бир қатор муҳим қоидалар ҳам киритилган. Жумладан, қонуннинг 8-9-моддаларига кўра, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун давлат органларида махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўл­ган мансабдор шахслар белгиланади. Оммавий қабул ҳовли (квартира), бошқа бино ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлаш бўйича қонунга бир қатор янги нормалар киритилган.

Муҳими, мурожаат қилиш тартиби жуда соддалашган ва оптималлашган. Шунинг учун ҳам қонуннинг энг муҳим қисми мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартибига бағишланган бўлиб, 23-моддада мурожаатлар бўйича иш юритиш тартибга солинган. Унда давлат органига тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши ва мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Мурожаат этувчини эшитиш фуқаролар олдида давлат органларининг масъулиятини белгилаб беради. Бу эса, қо­нун бевосита фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганидан далолат беради. Хусусан, давлат органи мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради ҳамда мурожаат этувчини эшитишга эксперт ва мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Янгиликлардан яна бири шуки, мурожаат этувчининг йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш имкони бўлмаса, у давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат этувчи келмаган тақдирда, давлат органининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш имкони йўқлиги ҳақида жавоб юборади.

Бундан ташқари, қонунда жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд элек­трон шаклда ариза бериш ор­қали қайтариб олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳам белгиланди.

Яна бир жиҳати шундаки, ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида бой миллий ҳуқуқий меросимиз жуда аҳамиятлидир. Биргина мисол, қонунда мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш институтининг ўзиёқ миллий ҳуқуқий меросимиз тўла акс этганидан далолат беради.

Энг асосийси, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни давлат органи ва ташкилоти раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди.

Аслида, фуқароларнинг мурожаатларига адолатли муносабатда бўлиш ҳамда соҳавий қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда уларни кўриб чиқиш демократик давлат барпо этишда жуда муҳим саналади. Бу ҳолат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг халқ билан алоқаларини мустаҳкамлаш, давлат ва ижтимоий ҳаётдаги масалаларнинг ҳал этилишида аҳолининг фаол иштирок этиши учун муҳим восита бўлади. Ҳокимият устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳам унга баҳоловчи мезон сифатида қараш мумкин.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра аниқланган қонун бузилишларини бартараф этишга доир 1200 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 1,3 млрд. сўм миқдорида етказилган зарар ихтиёрий қопланган ва қўпол қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 138 та жиноят иши қўзғатилган. Хусусан, меҳнатда тан жароҳати олган Б.Жиглов шу йил 27 февралда товон пули кам тўланганидан шикоят қилиб, мурожаат йўллаган. Тошкент шаҳар прокуратурасининг текшируви натижасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Яшнобод тумани бўлими томонидан товон миқдори қайта ҳисоблаб чиқилиб, унга ҳар ойда 1,6 миллион сўмдан ойлик маблағ тўлаб берила бошланди.

Фуқаро Ж.Тўраева эса, “Электртармоққурилиш” ак­ция­дорлик жамиятида ишлаб, иш ҳақини вақтида ололмаётганлигидан шикоят қилиб мурожаат юборган. Мурожаат дарҳол кўриб чиқилиб, қарздордан муаллифга 9,7 миллион сўм иш ҳақидан қарздорлик тўлаб берилиши таъминланди. Қарамоғида 1 нафар фарзанди бор Г.Қамбарованинг алимент пулларини вақтида ололмаётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам текширилиб, унга 2,6 миллион сўм алимент пуллари тўлаб берилиши таъминланди.

Бундай қонун бузилиши содир этилишига давлат органлари ва муассаса раҳбарлари мурожаатга нисбатан бюрократик муносабатда бўлганлиги, шунингдек, мурожаатни кўриб чиқиш устидан масъул мансабдор шахс томонидан етарли назорат олиб борилмаганлиги ва ижро интизоми бузилганлиги сабаб бўлган.

Таъкидлаш лозимки, мурожаатларни кўриб чиқиш аҳволи кўп ҳолларда давлат бош­қаруви органларининг ташкилий раҳбарлиги билан узвий боғлиқ. Шунинг учун ҳам, барча давлат бошқаруви органлари нафақат ўз маҳкамаларида, балки бутун тизимда мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан самарали ички назорат ўрнатиши зарур.

Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан мурожаатларга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда профилактика тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унга кўра, прокурор назорати фаолиятини амалга ошириш жараёнида аҳоли ўртасида қонунчилик тар­ғиботининг амалий жиҳатларига кўпроқ урғу берилиб, назорат фаолиятининг шаффофлиги таъминланмоқда ва бошқа назорат органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бевосита мувофиқлаштирилмоқда. Шу билан бирга, назорат органларининг соҳавий йўриқнома ва буйруқларининг қонунга мувофиқлиги, мурожаатларни рўй­хатга олиш, уларни таҳлил қилиш фаолияти, қабул қилиш жадваллари ва фуқаролар учун яратилган шароитлар пухта ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш жоизки, бу борадаги назорат фаолиятида муайян муаммоли масалалар ҳам келиб чиқмоқда. Улар, асосан, мурожаатдаги жисмоний шахснинг фамилияси, унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларнинг кўрсатилмаслиги, мурожаатнинг моҳияти баён этилмаганлиги, бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқларини бузувчи ҳаракат содир этилганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан муддатлар бузилган ҳолда кечиктириб берилганлиги, вакиллар орқали берилган мурожаатларда уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд бўлмаганлиги, ёлғон маълумотларнинг баён этилиши каби омиллар билан боғлиқ. Баъзи ҳолларда мурожаатда кўрсатилган манзил ёки телефон рақами бошқа бўлиб чиқмоқда. Бу, ўз-ўзидан мазкур мурожаат аноним характерга эга эканлигини кўрсатади. Шу боис, улар рад этилади ёки кўрмасдан қолдирилади.

Яна бир жуда муҳим жиҳат шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали аҳолининг давлат раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлди. Бу билан аҳолининг давлат идораларига, адолат ва ҳақиқатга ишончи мус­таҳкамланмоқда. Бу қайси тармоқларда муаммолар мавжудлиги, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражаси, ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки коррупция ҳолатлари содир этилаётганлиги, давлат дастурлари ижросининг ҳа­қиқий аҳволини баҳолашда кўзгу бўлмоқда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ­ларини таъминлашнинг халқаро стан­дарт­ларга мувофиқлик даражаси, қонун ҳужжатларидаги зиддият ва бўшлиқларни аниқлаш имкониятини юзага келтирмоқда.

Шу жараёнда мурожаат этувчининг кўрилаётган чорага муносабатини кузатиш муҳим аҳамиятга эга. Одамларга ўзлари кўтараётган масала ҳал бўлмаган тақдирда ҳам бу борада тушунтиришлар берилаётганлиги самарасида улар бу муаммо асосли ёки асоссиз эканлигини англамоқда. Энг муҳими, мурожаат этувчининг муносабати асосида ке­йинги мурожаатнинг олди олинмоқда.

Эндиликда прокуратура органларидан мазкур йўналишдаги фаолиятни янада кучайтириш, қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан қатъий муносабат билдириш ва бузилган ҳуқуқларни амалда тиклаш талаб этилади. Биргина шаҳар прокуратурасига келган мурожаатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида пойтахтимизнинг қайси туманида аҳоли энг кўп қандай масалаларни кун тартибига кўтариб чиқаётганлиги ойдинлашди. Бир идоранинг таҳлиллари якуний хулоса бўлмаслиги мумкин, бироқ шунинг ўзи мурожаатларга асос бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида ҳаётий таклифлар тайёрлаш имконини беришига исботдир.

Маълумотларга кўра, Президент Виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳридан энг кўп мурожаат Юнусобод тумани аҳолисидан келиб тушган. Ке­йинги ўринларда Чилонзор, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманлари қайд этилган. Таҳлилларга кўра, Юнусобод туманидан фуқаролик ва банк-молия масалалари юзасидан энг кўп мурожаатлар тушган. Олмазорликларни эса кўпроқ уй-жой, ижтимоий ҳимоя борасидаги муаммолар қийнаётганлиги ойдинлашди. Шайхонтоҳур туманида иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти, Яшнобод туманида ободонлаштириш, Миробод туманида эса алоқа ва ахборот технологиялари масалалари долзарб бўлиб турибди.

Яқин бир-икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходимлари томонидан пойтахтимизнинг ҳар бир туманида бир неча мартадан сайёр қабуллар ташкил қилинди. Бунда ҳар бир соҳанинг юқори давлат органи раҳбарлари иштирок этиб, мурожаатларни атрофлича ўрганганлиги ва уларга биргаликда ечим топилганлиги айни муддао бўлди.

Бундай жонли мулоқотлар, қизғин баҳс-мунозаралар кузатуви бир ҳақиқатга етаклайди: одамларда мурожаат маданияти юксалмоқда — илгари кўп учраган беҳуда ва асоссиз талаб қилишлар камайиб, ҳақли талабни оғир-вазминлик билан тушунтириш, адолат қарор топиши учун қонун доирасида амалий ёрдам сўраш йўллари кўпаймоқда. Оммавий қабуллар жараёнида амалга оширилаётган мулоқотлар ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш асосида кечмоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахс­ларнинг вакилларидан келиб тушган мурожаатлар бўйича давлат муассасаларида, аҳоли турар жойларида ва меҳнат жамоаларида 470 дан зиёд учрашувлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда прокурорлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш фаолияти тўғрисида аҳолига батафсил ахборот берилди.

Хулоса қилиб айтганда, мурожаатларга ҳурмат билан қаралиши фаолиятимиз мазмунига айланиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қўшимча кафолатлар яратади, мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги масъулиятини янада оширади.

Қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёшларга тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда бу борада Президентимиз томонидан берилган раҳбарий кўрсатмалар ижросини таъминлаш ҳар бир мутасадди раҳбар ва ташкилотларнинг ўта масъулиятли вазифаси эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Ҳолбуки, давлат органлари халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади.

Шерзод ОБЛОҚУЛОВ
Тошкент шаҳар прокурори

05.10.2017

100115, г. Ташкент, улица Чиланзар, 6.

Прокуратура Республики Узбекистан