Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ЯРАТУВЧАНЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК САРИ

Тараққиёт ва юксалиш сари юз тутаётган Ўзбекистон дунё ҳамжамияти диққат-эътиборида. Халқнинг турмуши фаровон, элнинг яшаш тарзи кундан-кун яхшиланиб бораётганига асл сабаб — қари-ю ёш яратувчанлик ва бунёдкорлик, шижоат ва ташаббускорликни кундалик фаолияти мазмунига айлантиришида, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган беш тамойилни ўзида мужассам этган устувор вазифаларни оғишмай амалга ошириш ўз ифодасини топишида деб эътироф этиш жоиз.

Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича Йўл харитасида белгиланган тадбирларнинг муддатида ҳамда сифатли бажарилиши устидан мониторинг-назорат тадбирлари олиб борилаяпти.

Бунда асосий эътибор, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётга тўлақонли татбиқ этилишини таъминлаш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг жойлардаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулиятини ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигида қонунийликни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳлар зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ижро этилишига қаратилмоқда.

Қайд этиш керакки, вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан туманлар ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар ва Давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳлар таркиби, ишчи гуруҳларнинг ишлаш тартиби, ҳудудлар бўйича ишчи гуруҳ раҳбарларининг бириктирилиши тасдиқланиб, ишчи гуруҳларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда тегишли Халқ депутатлари кенгашларининг йиғилишларида муҳокама қилиб борилиши белгиланган.

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари раҳбарлигида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳларнинг таркиби, фаолият тартиби маҳаллий ҳокимлик қарорлари асосида тасдиқланиб, ҳар бир туман (шаҳар)да тўрт жойда ва маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ишларни тизимли мониторинг қилувчи тегишлича вилоят ва туман ишчи гуруҳларининг штаблари ташкил этилган.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳлар томонидан чоракка мўлжалланган тегишли ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, жиноятчилик ҳолати, мурожаатларда кўтарилган масалалар ва бошқа кўрсаткичлар ҳамда таҳлиллар бўйича Йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ишчи гуруҳларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланган.

Йўл хариталари асосида ишчи гуруҳлар томонидан жойларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, воя­га етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг ва қаровсизликнинг олдини олиш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва бошқа соҳалар бўйича энг муҳим масалалар юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, соҳаларда мавжуд тизимли камчиликларни ҳал этишга қаратилган чоралар кўриб борилмоқда.

Хусусан, ҳақиқий эҳтиёжманд, шу жумладан, моддий кўмак олаётган ва бундай ёрдам белгиланмаган оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, шу асосида манзилли ёрдам кўрсатиш юзасидан чоралар кўрилмоқда. Вилоятда мавжуд 540 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларда ўтказилган ўрганишларда эҳтиёжманд оилалар аниқланди. Уларнинг 9472 тасига манзилли ёрдам кўрсатилиб, 1269 та оила бу тоифадаги оилалар рўйхатидан чиқарилди.

Жондор тумани, "Хумдонак" МФЙда яшовчи Ў.Эрназарованинг 2 ёшгача бола парваришлаш нафақаси учун маҳалла фуқаролар йиғинига қилган мурожаати рад қилинган экан. Ушбу масалани ўрганиш давомида Ў.Эрназарова ҳақиқатда моддий ёрдамга муҳтож экани аниқланди ва МФЙ раисининг нафақа тайинлашни рад қилиш ҳақидаги қарори бекор қи­линди. Шунингдек, тумандаги бошқа эҳтиёжманд оилалардан 146 та хонадонга парранда, 483 та хонадонга чорва, 22 та хонадонга асалари учун кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.

Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аҳоли учун зарур бўлган ижтимоий инфратузилма объектлари хатловдан ўтказилиб, маҳалла фуқаролар йиғинларида 215 та савдо ва 187 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 52 та новвойхона ҳамда 3 та кутубхона янгидан ташкил этилди.

Аҳолининг барча қатламларини ижтимоий муҳофаза қилишда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланиши муҳим аҳа­миятга эга масала. Чунки, бозор муносабатлари шароитида кундалик эҳтиёжлари учун пул маблағи етарли киши қаерда фаолият кўрсатишидан қатъи назар, ишида самара бўлади. Ушбу йўналишда давлатимиз томонидан етарли шароитлар яратилган. Аммо давр талабини чуқур англаб етмаётган, қонунлар ва қонун­ости меъёрий ҳужжатлар мақсад-моҳиятини етарли тушунмаётган мутасаддилар ҳам афсуски учраб турибди. Вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида И.Ҳамроев ТИФ "Миллий банк" Бухоро вилоят бўлими Ромитан филиали бош­қарувчиси вазифасини вақтинча бажариб келиб, муқаддам жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг қарорига билан айбли деб топилган ва энг кам ойлик иш ҳа­қининг икки баравари миқдорида жарима жазосига тортилган экан. Бироқ, И.Ҳамроев бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, маъмурий тартибда хўжалик юритувчи субъ­ектларга ва бошқа ташкилотларга иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бош­қа тўловларни тўлаш учун пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириб келган. Жумладан, Ромитан туман тиббиёт бирлашмасининг 500 нафар ишчи ва хизматчиларига 2017 йил июль ойи учун тўланиши лозим бўлган 119 млн. 190 минг сўмлик иш ҳақи тўловларини амалга ошириш учун жорий йилнинг 11, 12, 18 август кунлари ёзилган чекларни қонун талабларига зид равишда 18 кун давомида, яъни 2017 йилнинг 30 август кунигача ўзида сақлаб келиб, иш ҳақларини тўламай келган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ТИФ "Миллий банк"нинг Ромитан филиали бошқарувчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Ихтиёр Ҳамроевга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Йўл харитасида кўзда тутилган соғлиқни сақлаш соҳасида ечимини кутаётган муаммолар — мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базасини хатловдан ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш чораларини кўриш юзасидан ишлар олиб борилди. Қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини юксалтириш, улар учун тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида белгиланган дастурлар асосидаги чора-тадбирлар ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Вилоятда мавжуд 276 та қишлоқ врачлик пунктларининг 71 таси негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниши ҳам фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадини кўзлайди. Шунингдек, 93 та ҚВПда фаолият кўрсатаётган малакали шифокорлар, тиббиёт ходимлари халқ хизматида. Эътиборга молик жиҳат шундаки, 58 та ҚВПнинг биносида шифокорлар учун хизмат уйи ташкил этиш ор­қали аҳолига туну кун бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш имкони яратилиб, 42 та ҚВП­ биносида тез тиббий ёр шохобчалари фаолият олиб бормоқда.

Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовутнинг кескин кама­йиши, аввало, фуқароларнинг уй-жой билан таъминланиши, яшаш шароити, турмуш тарзида кўзга ташланади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди. Вилоятда 2017 йил дастурига асосан 20 та массивда жами 1142 та янгиланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Шу қаторда 2017 йил дастури ҳисобидан Бухоро тумани, "Истиқбол" ҚФЙ, "Работак" аҳоли пунктида ер майдони 2 сотихдан иборат 1 қаватли 3 хонали уйлардан 10 та ва 2 та 2 қаватли 4 та кириш йўлакчаси бўлган 16 та хонадонли, жами 42 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган 1100 та уй-жойлар бўйича қурилиш ишларининг умумий қиймати 193,4 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан 49,7 млрд. сўм­лик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Ушбу ишлар учун 45,2 млрд. сўм маблағ молия­лаштирилди.

Шу билан бирга, ушбу уй-жой массивларида 31,8 км ичимлик суви, 17,7 км. электр тармоқлари, 33,8 км. газ тармоқлари, 21,3 км. ички автомобиль йўллари ва 10 та инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур ижтимоий ва бошқа муҳандислик-коммуникация объектлари қурилишини уй-жойлар қурилиши билан бир вақтнинг ўзида якунлаш белгиланган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида жорий йилда 58 705 та иш ўринлари ташкил этиш кўзда тутилган. 29 609 таси аёллар учун, 24 153 таси касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ва 11 439 таси чет элдан қайтган мигрантлар учун мўлжалланган.

Вилоятда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига қонунсиз аралашишларнинг олдини олиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига бош­қа идоралар билан ҳамкорликда яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қилинаётган ишлар самараси фактларда яққол ўз аксини топмоқда.

Биргина вилоят прокуратураси органлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида 120 та фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъ­ектларининг фаолияти тикланиб, уларда 153 та иш ўрни яратилди. Вилоят прокуратураси органлари томонидан 501 нафар тадбиркорлик субъектларининг мавжуд муаммолари ўрганилиб, шундан 419 нафарига турли соҳаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Мисол учун, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан Ромитан туманидаги тадбиркор А.Рустамовнинг мурожаатини ўрганиш давомида, ТИФ "Миллий банк" Бухоро филиалидан иссиқхона қуриб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун 1 млрд. 350 млн. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиши таъминланган бўлса, Бухоро туманидаги "Бухоро темур отлари" МЧЖ раҳбари А.Гулямовга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун Бухоро туман ҳокимининг тегишли қарори билан 3 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Йўллар ҳақида гап кетганда, улар мамлакатнинг "қон томирлари"га қиёсланиши бежиз эмас. Инсон ҳаётида йўлларнинг ўзига хос аҳамиятли томони бор. Равон, текис йўл бехатар манзилдан таш­қари, қимматли вақтни тежашда ҳам муҳим омиллардан бири. Ўнқир-чўнқир йўллар, чанг-тўзон, автомобилларнинг техник ҳолатига таъсири, ҳайдовчининг асаблари бузилишини ҳисобга олганда, қанчадан, қанча муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги республика йўл жамғармаси фаолиятларини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори ижроси юзасидан вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси таркибида "Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, яроқсиз ҳолатга келган ички ва хўжаликлараро йўл­ларни таъмирлаш ишлари тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан доимий назорат ўрнатилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ҳудуддаги автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича дастурнинг бажарилиши ўрганилганда, ҳозирги кунга қадар ички хўжалик йўлларини жорий таъмирлаш белгиланган 194,1 км. йўлда тупроқдан шағалга ўтказиш ишлари ва белгиланган 33,6 км. йўлдан 13,1 км. йўлда асфальтлаштириш ишлари жами 207,2 км. ички хўжалик йўллари жорий таъмирланди.

Амалга оширилган ишлар кўлами кенглиги, мазмуни ва моҳиятида инсон манфаатлари, унинг орзу-умидлари рўёбини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида ҳамда Ҳаракатлар стратегия­сида белгиланган долзарб вазифаларни бажаришда, халққа хизмат қилиш йўлида прокуратура органлари зиммасига катта масъулият юклатилган экан, бу жараёнда прокуратура ходимлари тизимли тарзда ўз фаолиятларини давом эттирадилар. Қолаверса, Юртбошимиз таъкидлаганидек, "Одамларнинг розилиги — бу энг катта натижа". Халқни рози қилиб яшаш, Ватан равнақи, юрт фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшиш олий мақсадимиздир.

Баҳриддин ВАЛИЕВ,
Бухоро вилоят прокурори

02.11.2017

Медиатека

200100, г. Бухара, улица Х.Бухари, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан