Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

МАҚСАДИМИЗ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир. Бугунги кунда халқ дарду ташвишига шерик бўлиш, уни тинглай билиш, қийнаётган муаммосини жойнинг ўзида ҳал этиш раҳбарлик фаолиятининг энг асосий мезонига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори талабларига мувофиқ, Бухоро вилояти ҳудуди 4 та секторга бўлиниб, барча туман ва шаҳарларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идораларининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошлиғидаги секторлар ташкил этилди.

Секторлар штаби аҳолининг келиб-кетиши учун қулай бўлган жойларда ташкил қилиниб, барча зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Секторлар фаолияти «Маҳалла-туман (шаҳар)-вилоят-республика» тамойили асосида ташкил этилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга қаратилмоқда.

Вилоятда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрилиб, аҳолининг яшаш шароитлари ва муаммолари ўрганилиб, уларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштиришлар асосида 2018 йилнинг биринчи чораги учун «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, сессия қарори билан тасдиқланди.

Вилоят прокурори раҳбарлигидаги 2-секторга Бухоро, Пешкў ва Ромитан туманлари киритилган бўлиб, мазкур ҳудудлардаги секторларга бириктирилган масъуллар томонидан жами 76.443 та хонадонларга кирилиб, уларда 4.673 та муаммолар аниқланиб, шундан 4.242 таси жойида ҳал қилинган.

Шу билан бирга, аҳоли орасига кириб бориш ва улар билан яқиндан ўтказилган мулоқотлар жараёнида фуқароларни йиллар давомида қийнаб келган ҳаётий муаммолар тўпланиб қолганлиги, айниқса, чекка ҳудудларда аҳолининг ижтимоий ҳимояси, уй-жойга бўлган талаб, иш билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергия ва газ таъминоти билан боғлиқ ҳали ечимини кутаётган кўплаб масалалар мавжудлиги яққол намоён бўлмоқда.

«Йўл харитаси»да белгиланган ҳақиқий эҳтиёжманд, шу жумладан моддий ёрдам олаётган ва бундай ёрдам белгиланмаган оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, рўйхат асосида манзилли ёрдам кўрсатиш юзасидан вилоятда мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган 1695 та эҳтиёжманд оилага манзилли ёрдам кўрсатилиб, улардан 580 таси эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилди. Жумладан, 34 та кам таъминланган оилага томорқа, чорвачилик, паррандачилик йўналишида 245 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилишида, томорқа ерларида иссиқхоналар қурилишида, уй-жойларини таъмирлаш ва зарур уй-рўзғор буюмлари билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, Ромитан туманидаги «Боғитуркон» МФЙда яшовчи Қ.Ибрагимова, «Ҳазортут» МФЙда яшовчи О.Эргашев, «Навбаҳор» МФЙда яшовчи С.Худойберганова ва С.Абдуллаеваларнинг уй-жойи ҳомийлар томонидан капитал таъмирлаб берилди. Шу каби Бухоро туманидаги эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 4 та қурилиши тугалланмаган уйларнинг том қисми шифер билан ёпиб берилди, 22 та уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилишида, 4 та хонадоннинг шахсий томорқасида 45 млн. сўмлик иссиқхоналар ташкил этилишида амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳам доимий назорат тадбирлари олиб борилди. Президент қарори асосида ажратилган 5 млрд. 265 млн. сўмлик маблағлар ҳисобидан ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан ночор ва уй-жойга муҳтож оилаларга яшаш уйлари қурилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган 30 нафар оила хонадонлари таъмирланиб, 333 нафар оилага 168 млн. сўмлик зарур уй-рўзғор ва маиший техника воситалари берилиши таъминланди.

Кам таъминланган оилалардаги касалманд ҳамда даволанишга муҳтож оила аъзоларига дори воситалари сотиб олиш ёки даволаниши учун ҳар бир тумандан 6 нафардан тиббий хизматга муҳтож фуқароларга 4 млн. сўмдан жами 312 млн. сўмлик маблағ ажратилиб, 64 нафар фуқарога 49,3 млн. сўмлик дори-дармон воситалари олиб берилди ва 14 нафар фуқаронинг даволаниши учун 28,9 млн. сўмлик харажатлари қоплаб берилди. Шу билан бир қаторда, меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган 140 нафар болалар ва мурувват уйларидаги 345 нафар шахсларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди.

Юртбошимиз ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган навбатдаги янги тизим – “Обод қишлоқ” дастури, шубҳасиз, узоқ йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолиб келган чекка ҳудудларнинг инфратузилмасини тубдан яхшилаб, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда вилоятнинг 11 та туманидаги жами 22 та қишлоқда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, қишлоқларнинг қиёфасини замонавийлаштириш ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш белгиланиб, жойларда бу борадаги бунёдкорлик ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур дастур доирасида Ромитан туманининг чекка «Дилрабо» қишлоғининг ички йўллари таъмирланиб, янги ёритиш устунлари ва чироқлари ўрнатилди. 85 та уй-жойнинг фасад ва том қисмлари таъмирланиб, 1 та хонадон янгидан қайта қурилди ва 2 та хонадонда капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вилоят прокуратураси томонидан «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонун ижроси аҳволи ўрганилганда, вилоятда жами 962 та қабристоннинг айримларини сақлаш ва ободонлаштириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, атрофи девор билан ўралмаганлиги, дарвозалар ўрнатилмаганлиги ҳамда тепалик шаклидаги қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланди. Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, ҳар бир қабристон бўйича масъуллар белгиланди ва кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар, айниқса, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш, моддий-техника базасини, аҳолига доимий бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматини яхшилашга эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда «Бухоро Дори-дармон» МЧЖ негизида 161 та ва хусусий шерикчилик асосида 39 та ижтимоий дорихоналар ташкил этилди. Шунингдек, вилоятнинг чекка, дорихона ташкил этилмаган ҳудудларида яшовчи аҳолини сифатли ва кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш мақсадида «Бухоро Дори-дармон» МЧЖга қарашли махсус жиҳозланган автомашиналарда кўчма дорихона шохобчалари йўлга қўйилди.

Вилоятда шошилинч тез тиббий ёрдам тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг ишини самарали ташкил қилиш, моддий-техника базаси таъминотини яхшилаш мақсадида 46 та тез ёрдам автомашиналари сотиб олиниб, ҳудудларда ташкил қилинган оилавий поликлиникалар тез тиббий ёрдам шохобчаларига бириктирилди.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида вилоятда 2 нафар оналар ўлими қайд этилганлиги, айрим юқумли касалликларнинг кўпайганлиги аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ҳамда ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги тадбирларни тизимли ташкил этишда жиддий нуқсонлар мавжудлигини, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларимиз кўплигини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига амалга оширган ташрифлари чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, экспорт салоҳиятини яхшилаш, импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлида аниқ режаларни белгилаб берди. Президентимиз томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 147 банддан иборат чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унинг ҳар бир банди ижроси ўз вақтида ва тўлақонли бажарилиши алоҳида назоратга олинган.

Вилоят ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда янгича ёндашув асосида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш орқали ёшларнинг, айниқса, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг, хорижий давлатларда меҳнат фаолиятида бўлиб қайтган ҳолда фаол иш қидираётган аҳолининг муносиб меҳнат билан банд бўлишига яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Мазкур ярмаркада вилоятда самарали фаолият кўрсатаётган 450 дан ортиқ корхона ва ташкилот ўзларининг 2,5 мингга яқин бўш иш ўринлари, шунингдек, тижорат банклари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун тайёрланган содда ва қулай бизнес режалари ҳамда имтиёзли кредит пакетлари билан иштирок этишди. Меҳнат ярмаркасига 3 минг нафарга яқин фуқаро жалб этилиб, 407 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди ҳамда таълим муассасаси битирувчиларига ишга жойлашиш жараёнида ишга қабул қилишни расмийлаштириш, иш ҳақи, меҳнат таътили, жамғариб бориладиган пенсия тўловлари борасида тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Кўп сонли аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, вилоят ҳокимининг қарорига асосан «Аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси» ташкил этилди, маҳаллий бюджетга қўшимча туширилган маблағлар ҳисобидан аҳолига хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, шахсий томорқа хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш йўналишида энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставка билан имтиёзли кредит бериш тизими жорий этилиб, ҳозирда ушбу мақсадлар учун 30 млрд. сўмлик маблағ йўналтирилди.

Президентимиз ташаббуслари билан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш мақсадида Ромитан туманида чет эл инвесторлари иштирокида «BCT Cluster Agrokompleks» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, пахта етиштириш учун 8 минг гектар ер майдони ажратилди.

Ушбу ер майдонларида муқаддам кўп йиллар давомида 206 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, 468 нафар ишчи-ходимга жуда кам миқдорда иш ҳақлари берилган бўлса, ушбу кластер фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2 427 та иш ўрни яратилиб, ҳозирда ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 1 млн. 200 минг сўмни ташкил қилган. Энг асосийси, кластерда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар уларга яратилаётган шароитлар ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини билдиришмоқда. Шунингдек, ушбу кластер таркибидаги пахта тозалаш корхонаси ҳудудида ёғ-мой ҳамда аралаш озуқа ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 200 та иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Бухоро туманида лойиҳа қиймати 21,8 миллион долларга тенг бўлган «Бухоро мева-сабзавот логистика маркази» ишга туширилиши ҳисобига 400 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Маълумки, тадбиркорликни янада эркинлаштириш ва уни қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг ўсиши ва янги иш ўринларининг яратилишида муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида прокуратура органлари ходимлари томонидан маҳаллий ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда жойларда 13 минг нафардан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари билан алоҳида учрашувлар ташкил қилиниб, уларни қийнаётган муаммолар юзасидан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Учрашув ва суҳбатлар давомида 131 нафар тадбиркор томонидан билдирилган муаммо ва таклифлар ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди, шу жумладан, тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш учун тижорат банклари томонидан жами 7,9 млрд. сўмлик кредит маблағлари берилиши ва 7,7 гектар ер майдонлари ажратилишига кўмаклашилди. Хусусан, кредит муаммоси мавжуд бўлган «Буюк истиқлол сари» ишлаб чиқариш корхонасига 2,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари ва «Денов Парранда» фермер хўжалигига паррандачиликни ривожлантириш учун 7 гектар ер майдони ажратилишида амалий ёрдам берилди.

Шу билан бирга, ўтказилган назорат тадбирлари давомида айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, Ромитан туман ДСИ ходимлари С.Аҳмедов ва И.Исроилов тадбиркор Н.Мухторовнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, тўсқинлик қилганликлари учун, «Ўздавнефтгазинспекция» вилоят ҳудудий бўлими ходимлари Ҳ.Ахмедов, М.Давронов ва Ф.Бозоровлар эса «Когон қурилиш жиҳоз» МЧЖ фаолиятини асоссиз текширганлари учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Ғиждувон туман молия бўлими бошлиғи А.Жамолов эса «Зарина Диёрбек Файз» хусусий корхонаси раҳбари Д.Нековдан бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш объектини бериш ва бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун тўловни ўтказиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари пора олган вақтида ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилди.

2018 йилнинг биринчи чораги давомида вилоят бўйича жами 10,8 млн. АҚШ долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт топшириғи белгиланган. Ушбу давр мобайнида эса 8,8 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, экспорт режаси уддаланмади. Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишига тўсқинлик қилувчи шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида вилоятда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан жойларга чиқилиб, экспортёр корхоналар билан якка тартибда учрашувлар ўтказилди ва улар олдида турган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 18 та экспортёр корхонага амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 3 та корхонага 5,9 млрд. сўмлик кредит олиб берилиши, 5 тасига 230 гектар ер майдони ажратилиши, 1 та корхонанинг 10,9 млн. сўмлик дебитор қарзи ундириб берилиши, 5 та корхонанинг электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиши таъминланди. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи «Агро пром инвест Олот» МЧЖга 400 млн. сўмлик кредит маблағлари, «Сара узум ҳосили» фермер хўжалигига узумчилик хўжалиги ташкил қилиш учун 26,6 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилди.

Аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларининг ошиши, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар тайёрланишида муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимлиги ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Вилоят бўйича томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, аниқланган 39,4 минг гектар ер майдонларига турли сабзавот экинлари, шу жумладан, экспортбоп қизил қалампир, карам ва бошқа турдаги экинлар жойлаштирилди.

Вилоятнинг барча туманларида томорқа ер эгаларига ердан самарали фойдаланиш бўйича тавсия ва кўмак бериш, сифатли кўчат ва уруғлик билан таъминлаш, техника ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш ишлари билан шуғулланадиган 11 та «Томорқа хизмат» МЧЖлар ташкил қилинди. Хусусан, вилоят бўйича 50 гектар томорқа ер майдонларига жойлаштирилган қизил қалампирнинг экспортбоп навлари кўчатлари томорқа ер эгаларига етказиб берилмоқда.

Томорқа ер эгалари учун «Эслатма» ишлаб чиқилиб, прокуратура органлари ходимлари томонидан жойларда тузилган ишчи гуруҳлар билан бирга уйма-уй юрилиб, хонадон ер эгаларига тарқатилди. Шунингдек, уларга томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, шу билан бир қаторда, томорқадан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича қўлланиладиган чоралар ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. Ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга иссиқхона қуриш учун тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда олиб борилди. Айниқса, вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимояси, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг дарслардаги давомати, назоратсиз ва қаровсиз қолишининг олдини олишга оид қонунлар ижросига жиддий эътибор берилиб, тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинди.

Вояга етмаганлар билан профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш орқали улар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, уларни бўш вақтларида турли қизиқарли тўгаракларга жалб қилиш, хусусан нотинч, кам таъминланган оилаларда тарбияланаётган болалар билан якка тартибда иш олиб бориш, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудларда прокуратура органлари ташаббуси билан маҳалий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг қишки таътилдаги бўш вақтларидан унумли фойдаланиш мақсадида 2017 йил 28 декабридан 2018 йил 10 январь кунлари давомида «Ёшлар – келажак бунёдкори» шиори остида намунавий ёшлар Форуми ташкил этилди.

Форум доирасида иштирокчилар билан Бухоро вилоятининг эътиборга молик тарихий қадамжоларида зиёрат тадбирлари, «Энг яхши шеър», «Энг яхши мақола» ва «Энг яхши иншо» танловлари ўтказилди. Ўқувчиларнинг мактаб яқинида жойлашган ҳарбий қисмларга ташрифлари, аскар ва зобитларнинг умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар билан учрашувлари ташкил этилди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандларига ҳомийлар ҳисобидан байрам совғалари, ўқув қуроллари ва китоблар тарқатилди. «Баркамол авлод» болалар марказлари ва умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган фан, спорт ва бошқа тўгаракларга жами 454 нафар профилактик ҳисобда турган, тарбияси оғир ва нотинч оилалар фарзандлари жалб этилиши таъминланди. Ҳамкорликда ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларлар кескин камайишига, шу жумладан, вояга етмаганлар томонидан содир этган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 фоизга камайишига эришилган.

Бугунги кунда вилоят бўйича мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим муассасаларига қамров даражаси 35 фоизни ташкил қилган, ушбу доирани кенгайтириш мақсадида тузилган йўл хариталари асосида мавжуд таълим муассасаларида қўшимча қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш, янги таълим муассасалари қурилиши ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш борасидаги вазифаларнинг тизимли амалга оширилишини таъминлаш лозим.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш чоралари кўрилиб, мазкур жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари билан доимий ҳамкорлик олиб борилди. Президентимиз томонидан ҳар ҳафта пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» деб эълон қилинганлиги муносабати билан фуқароларнинг яшаш ва иш жойларида, таълим муассасаларида жамоатчилик билан ҳамкорликда кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб келинмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир содир этилган жиноятни сектор раҳбари ва масъуллар томонидан аҳоли яшаш жойларида эртаси куннинг ўзидаёқ муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш тизими йўлга қўйилди.

Ўтган йилда содир этилган жиноятлар таҳлили асосида, вилоят ҳудудида келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги тадбирлар белгиланиб, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди. Оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш бўйича уйма-уй юрилиб, ҳудудларда кам таъминланган ва нотинч оилалар аниқланиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиб, манзилли профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, йўл хариталари асосида ҳудудларда жамоатчилик масканлари ва тунги қоровулликни ташкил қилиш, кўпқаватли уйлар, кўчалар ва аҳоли гавжум жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш чоралари кўрилди.

Ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,2 фоизга камайди. Умумий жиноятчилик вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, шу жумладан, Ромитан туманида 74 фоизга, Пешкуда 56 фоизга ва Бухоро туманида 16,3 фоизга камайишига эришилган.

Ҳудудларда «Менинг маҳалламда жиноятлар содир этилмаслиги керак» ва «Маҳалламизни жиноятлардан холи ҳудудга айлантирамиз» шиорлари остида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўтказилган профилактик тадбирлар ўз самарасини бераяпти. Жумладан, вилоят бўйича 540 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 313 тасида, 2-секторда жойлашган Пешку туманидаги 36 та маҳалладан 24 тасида, Ромитан туманидаги 45 та маҳалладан 29 тасида ва Бухоро туманидаги 36 та маҳалладан 16 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Шу билан бирга, ушбу даврда вилоятда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар, номусга тегиш, талончилик, товламачилик, ўғирлик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари сезиларли камайган бўлса, босқинлик жинояти қайд қилинмаган. Шунингдек, муқаддам судланганлар, аёллар, маст ҳолда, гуруҳ таркибида ва ишламайдиган шахслар томонидан жиноят содир этилишининг камайишига эришилган.

Бироқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ тадбирларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилганлиги сабабли вилоятда айрим турдаги жиноятларнинг ўсиши кузатилди. Ушбу жиноятларнинг ўсиши сабаблари ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ва келгусида содир этилишига йўл қўймаслик борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, йўл хариталарига киритилди.

Секторлар раҳбарлари томонидан ҳудудларда ташкил этилган штабларда, Халқ қабулхоналарида ҳамда олис ҳудудларда сайёр, оммавий ва видеоконференция орқали фуқароларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилиб, келиб тушган мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиши ва уларда кўтарилган муаммолар ҳал этилиши таъминланмоқда. Мурожаатларни ҳал этишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари зудлик билан бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят прокуратураси органларига жами 5571 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 4408 таси бевосита прокуратура органларида ҳал этилиб, шундан 588 таси қаноатлантирилди. 4 мингдан ортиқ фуқаро прокуратура органларида қабул қилиниб, 356 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, Бухоро туманида яшовчи А.Шарипов, Ромитан туманида яшовчи Н.Бахронов ва Пешку туманида яшовчи М.Нажмиевнинг иш жойларидан меҳнат ҳақларини ундириб бериш ҳақидаги мурожаатларига асосан уларнинг иш ҳақлари ундириб берилган. Бухоро туманида яшовчи М.Ражабованинг узоқ вақтдан бўён яшаш жойидаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо бартараф этилмаётганлиги ҳақидаги мурожаатига асосан ушбу ҳудуддаги ичимлик суви қувуридаги носозликлар жойида бартараф этилиб, сув таъминоти яхшиланиши таъминланган. Шунингдек, «Усто Аббос эшиклари» МЧЖ раҳбари Ҳ.Мустафоевнинг мурожаатига асосан унга замонавий технологиялар асосида янги ишлаб чиқариш цехи қуриш учун ер майдони ва тадбиркор Қ.Эллиевнинг мурожаатига асосан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Секторлар тизимида ишлаш, халқ билан мулоқот жараёни халқимизни рози қилиш учун ҳали қилишимиз лозим бўлган ишлар ва олдимизда турган вазифалар кўплигини кўрсатмоқда. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун вилоят прокуратураси органлари томонидан маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар, давлат солиқ органлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда барча зарур чоралар кўриб борилади ҳамда бунга бор салоҳият ва имкониятлар сафарбар этилади.

Зеро, Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Инсонларнинг дарду ташвишини ўйлаб яшаш биз учун одамийликнинг энг олий мезони, энг муҳим вазифа бўлиб қолиши лозим».

Баҳриддин ВАЛИЕВ,
Бухоро вилоят прокурори

26.04.2018

Медиатека

200100, г. Бухара, улица Х.Бухари, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан