Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛИШ — ОЛИЙ САОДАТ

Бугун мамлакатимизнинг қай бир ҳудудига борманг, улкан бунёдкорлик ва яратувчанликнинг гувоҳи бўласиз. Одамларимиз руҳиятидаги янгиланиш истиқлолнинг 26 йиллиги даврида янада яққолроқ кўзга ташланди. Кенг ва равон йўллар, юқори сервис хизматига эга бозорлар, савдо мажмуалари, моддий-техник базаси янгиланаётган таълим, тиббиёт масканлари халқ хизматида бўлмоқда.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш тарзини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда десак, муболаға бўлмайди. Мазкур ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш эса прокуратура органлари зиммасига янада катта масъулият юклаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Хусусан, қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ишчи гуруҳлари тузилиб, "Йўл харитаси" асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар тизимли тарзда олиб борилиб, Бухоро шаҳар ҳудуди иккинчи сектор деб белгиланди. Ҳудудда 203 та кўп қаватли уй-жой мавжуд, 12 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва 14 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб боради.

Мазкур сектор бўйича шаҳар прокурори раҳбарлигида 32 кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Фуқароларга қулай бўлишини инобатга олиб, ишчи гуруҳи штаби шаҳардаги Санъат коллежи биносида жойлаштирилиб, штаб учун ажратилган хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Мазкур сектор томонидан аввало, кўп қаватли уй-жойларни 2017-2018 йилнинг куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада 18 та йўналиш бўйича қиймати 3 млрд. 571 млн. сўмлик дастур ишлаб чиқилди. Шундан ширкатларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 656 млн. сўм, банк кредити ҳисобидан эса 1 млрд. 915 млн. сўм сарфланиши режалаштирилди. Ҳо­зирги вақт­да мазкур ишларни амалга ошириш учун 1 млрд. 455 млн. сўм кредит ажратилишига эришилди.

Ҳозирги кунда 19 та уйларнинг 13730 кв. метр том қисми мукаммал, 48 та уйнинг том қисми жорий таъмирдан чиқарилди. Уйларнинг йўлаклари, ер­тўлалари таъмирланиб, кириш жойларига кодланган қулфга эга темир эшиклар ўрнатилди. Жойлардаги юз­ма-юз мулоқотларда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб 8 та болалар майдончалари таъмирланиб, 3 та янги болалар майдончалари қуриб фойдаланишга топширилди.

Шаҳарсозлик ва архитектура қоидаларидан келиб чиқиб, сектор ҳудудида ноқонуний қурилган 636 та бино, қўшимча қурилмалар, дўкон ва гаражлар олиб ташланди. Шу билан бирга, кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, йўл ёқаларида ландшафт усулида манзарали гул ва ўсимликлар экилиб, атроф ободонлаштирилди.

Белгиланган графикка асосан 2-сектор ишчи гуруҳ аъзолари жорий йилнинг 30 авгус­тидан 6 сентябрь кунига қадар шаҳарнинг А.Темур МФЙ ҳудудидаги 1040 та хонадонга, шундан биринчи нав­батда 65 та кам таъминланган ва 25 нафар ногиронлар хонадонига бирма-бир кириб чиқиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан мурожаатларини ўрганиб амалий ёрдам кўрсатишди. Бундан ташқари, 10 та фуқаро протез-ортопедия ва 14 нафар эҳтиёжманд фуқаро ногиронлар аравачалари билан таъминланди.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг оилалардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни таҳлил қилиш билан бир қаторда маънавий муҳитни ҳам ўрганаётгани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Бинобарин, тинчлик, осойишталик бор жойда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва маънавий юксалиш бўлади.

Шунингдек, фуқаролар билан электр энергияси, табиий газ тўловларидан қарзларни ўз вақтида тўлаб бориш хусусидаги суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳам ижобий натижа бермоқда.

Хулоса қилиб айтганда, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ҳамда "Ҳаракатлар стратегияси"нинг беш тамо­йили доирасида амалга оширилаётган ишлар мазмун-моҳиятида аввало, инсон омили энг олий қадрият сифатида эътироф этилиб, аҳолининг турмуш тарзини янада юксалтиришга, жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барқарор бўлишига хизмат қилмоқда.

Жамшид ВОСИЕВ, 
Бухоро шаҳар прокурори

05.10.2017

Медиатека

200100, г. Бухара, улица Х.Бухари, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан