Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

АДОЛАТ ТАМОЙИЛИНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ

Ҳуқуқий демократик давлатнинг бош тамойили қонун устуворлигини таъминлашдан иборат экан, бунда қонунларимиз адолат ҳамда инсонпарварлик тамойилларига асосланганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Миллат маънавиятининг даҳоларидан бири Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда: "Олижаноб кишилар узрли бўлади." Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган одилона сиёсат кишилар қалбида ана шундай фикрларга асос бўлмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги, яъни қутлуғ сана арафасида суд ҳукми билан жазо муддатини ўтаётган 2 минг 700 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекиши кечиримлилик, бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бундай Фармон Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди. Инсонпарварлик тамойилига асосланган ушбу ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан олдин жабрланган одамлар ва жамотчилик фикри ўрганилди. Махсус комиссия тузилиб, жазо ўтаётган ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Олиб борилган чуқур таҳлил ва ўрганишлар натижасида чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг аниқ доираси белгиланди. Ва айнан шундай шахслар афв этилди. Мазкур Фармонга мувофиқ, Бухоро вилояти ҳудудидаги жазони ўташ муассасаларидан жами 40 нафар маҳкум афв этилиб, мамлакатимиз Бош Қомуси қабул қилинган куни, 8 декабрда оиласи бағрига қайтди.

Шу куни уйига қайтганлар орасида 1986 йилда Андижон вилоятида туғилган Хурсандбек Абдураҳимов ҳам бор. У суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш, бундан ташқари, диний эктремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этишда айбли деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

— Мен гўё ўзимни дунёга янгидан келгандек ҳис қилаяпман. Озодлик, деган тушунчанинг мазмун-моҳиятини сўзда ифодалай олмайман. Президентимиз, халқимиз билдирган ишончни албатта оқлайман, — дейди Х.Абдураҳимов қувончи ичига сиғмай кўзлари ёшланиб. — Тадбиркорлик билан шуғулланиб Ўзбекистонни дунёга танитишга кучим етадиган билимим, ҳунарим бор, ахир.

Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Қонунчилигимизда ўз аксини топган кечиримлилик фазилати эса, миллий маънавиятимизнинг ёрқин ифодасидир. Жинояти учун 16 йилга панжара ортига маҳкум этилган асли қашқадарёлик Зайниддин Ниматов ушбу тушунчалар моҳиятини чуқурроқ анг­лайдиган бўлди.

— 10 йил қамоқдалик пайтимда ота-онамдан айрилдим. Фарзанд бўлиб уларга елкадош бўла олмадим. Маҳалла-кўй олдида оиламни, яқинларимнинг юзини ерга қаратдим. Диний билимим йўқлиги туфайли адашиб турли оқимларга кириб қолган эдим. Пушаймонман. Мендай кишини кечирган Юртбошимизга, халқимизга раҳмат, — суҳбатимизга қўшилади З.Ниматов

Наманганлик Раҳматилла Маҳмудов, Тошкент вилоятидан Зоиржон Ниязов ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқорида келтирилган моддалари билан айбланиб, суд ҳукмига биноан бир неча йилларга озодликдан маҳрум қилинган эди. Уларга нисбатан ҳам афв қўлланилди. Қутлуғ айём куни озодликка чиқиб, ўзлари туғилиб-ўсган она шаҳарларига йўл олишди.

Адашиб жиноят йўлига кирган ёки содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни жамиятга, оиласи бағрига қайтариш муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади. Бинобарин, ҳазрат Алишер Навоий эътироф этганларидек, "Тавба гуноҳкор кишининг кўнгил кўзгусини, гуноҳ зангидан тозалайди". Бугун афв этилиб, озодликка чиққанлар нафақат оиласи, фарзандлари олдига қайтди, балки соғлом ҳаёт тарзини бошлаб, юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшишга аҳд қилишди.

Ҳаёт теп-текис равон йўл­дан иборат эмас. Унинг ўнқир-чўнқир сўқмоқлари бўлиши табиий. Бухоролик Фаррух Мухаматов худди шундай хатоларга йўл қўйганлардан бири. Аммо, донишманд халқимиз айтганидек,"Хато қил­моқ бордур, тузатмаслик ордир". У бугун тузалиш сари илк қадамини қўйди. Инсонпарварликка йўғрилган ушбу ҳужжат туфайли ғиждувонлик Исмоил Қурбонов озодлик туйғусини ҳис этган шодиёна лаҳзаларда янги дунёга келган фарзанди билан илк учрашув унга том маънодаги оталик бахтини туйишига имкон берди.

— Мени кечирганлари учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирар эканман, оилам, маҳаллам, мана шу бегуноҳ гўдак фарзандим олдида сўз бераман, бундан буён тўғри ҳаёт йўлини танлайман, — дейди И.Қурбонов.

Ўйлаймизки, Президентимизнинг одилона сиёсати туфайли кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган юксак ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.

Собир Шаропов, 
Бухоро вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 52, 28.12.2017 йил

28.12.2017

Медиатека

200100, г. Бухара, улица Х.Бухари, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан